Ўзбекистон Россиядаги мигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади
Ўзбекистон 2021 йилда Россияга борган мигрантлар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Маълум қилинишича, кўрсаткич 2021 йилнинг январидан сентябригача бўлган маълумотларни ўз ичига олади. Унга кўра, шу давр оралиғида 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россияга ишлаш учун борган.
Кейинги ўринда қарийб 1 миллион 600 минг фуқароси ишлаш учун борган Тожикистон қайд этилган. Кучли учликка Қирғизистон якун ясаган. 2021 йилда ушбу республикадан 600 мингдан ортиқ киши Россияга борган. Тўртинчи ҳамда бешинчи ўринларни Арманистон (деярли 300 минг киши) ва Озарбайжон (тахминан 200 минг киши) эгаллаган.
Статистик маълумотда, шунингдек, 2021 йилда Россияга энг кўп сайёҳлар қаердан келгани ҳам кўрсатилган. Унда энг кўп турист Беларусь (30 526 киши), Германия (16 369 киши), Украина (15 293 киши), БАА (12 414 киши) ва Қозоғистондан (11 192 киши) боргани қайд этилган. Келтирилишича, 2021 йил январдан сентябргача бўлган даврда деярли 60 минг тожикистонлик ҳамда шунча ўзбекистонлик ўқиш учун Россияга борган.
Россияга ушбу даврда тадбиркорлик мақсадида борган Хитой фуқаролари 11 минг 235 кишини, Ўзбекистон фуқаролари 10 минг 389 кишини, Германия фуқаролари 10 минг 320 кишини, Беларусь фуқаролари 10 минг 167 кишини, Қозоғистон фуқаролари эса 9889 кишини ташкил этган.





