Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича қанча жиноий иш очилгани маълум қилинди
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортидан 16 та жиноят иши, 22 та маъмурий иш очилди. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Дилноза Юсупова ярим йиллик фаолият ҳисоботида маълум қилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 1-ярмида Омбудсманга 885 та мурожаат келиб тушган. Улардан 665 таси назоратга олинган, 160 таси бошқа идораларга юборилган, 60 таси эса такрорий бўлгани сабаб кўриб чиқилмаган. 61 та мурожаат ижобий ҳал этилган.
Интернет мониторинги орқали бола ҳуқуқлари бузилган 185 та ҳолат аниқланган, шундан 60 таси зўравонлик билан боғлиқ бўлиб, 2 та жиноят иши ва 5 та маъмурий иш қўзғатилган. Шу билан бирга, ўтган йилдан бошлаб жами 16 та жиноят ва 22 та маъмурий иш юритуви бошланган.
Шунингдек, хорижда қолган 22 нафар бола (5 нафари мурожаатлар асосида, 16 нафари эса қаровсиз ҳолатда) Ўзбекистонга қайтарилди.
2024 йилда эса қуйидаги ҳолатлар қайд этилган: 412 бола жинсий, 1 028 бола жисмоний, 929 бола психологик зўравонликдан, 14 бола эксплуатациядан, 106 бола эса бефарқликдан жабрланган.