Ўзбекистонда ўтган бир йилда қанча «чиройли» авторақам сотилгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–декабрь ойларида Республика товар-хом ашё биржаси веб-сайтида 262,6 миллиард сўмлик 106 мингдан зиёд «чиройли» авторақам онлайн-аукционлар орқали сотилди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «upost»

Таъкидланишича, тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 миллион сўмни ташкил этган. Авторақамларнинг 92,3 фоизи жисмоний шахслар, 7,7 фоизи юридик шахслар томонидан сотиб олинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 450 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати 206,7 миллион сўмни ташкил қилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2 фоиз) Фарғона (8,2 фоиз), Самарқанд (8,1 фоиз) ва Наманган (6 фоиз) вилоятларида харид қилинган.

Шунингдек, яқинда «Avtoraqam» мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилиб, унга савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш функциялари қўшилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–октябрь ойларида онлайн аукцион орқали қанча «чиройли» авторақамлар сотилгани маълум бўлган эди.

Янгиликлар