Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддаларини ички аъзоларига беркитиб олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
Сурхондарё вилоятида гиёҳвандлик воситаларини ички аъзоларига яшириб, Ўзбекистонга олиб киришга уринган бир нечта шахслар ушланди. Бу ҳақда Божхона ахборот хизматига асосланиб Zamon.uz хабар берди.
Хабарга кўра, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Айритом чегара-божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси Т.С. инсон танасини сканерловчи қурилма кўмагида божхона кўригидан ўтказилган ва унинг ички аъзоларида юмалоқ шаклдаги шубҳали предметлар борлиги аниқланган.
Таъкидланишича, шифокор кўмагида ушбу шахс ичидан 44 дона полиетилен ўрамлари чиқариб олинган. Мазкур ўрамларга соф оғирлиги 430 граммни ташкил қилувчи «опий» гиёҳвандлик воситаси яширилган экан.
Текширув давомида, Айритом чегара божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни мамлакат фуқароси Қ.К. ҳам тезкор кузатувга олинди ва сканер қурилмаси кўмагида кўздан кечирилди. Натижада, ушбу шахснинг ичида ҳам 34 дона скотчланган ўрамлар борлиги ва уларнинг ичида салкам 650 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, фуқаро Қ.Н.дан ҳам 31 дона ўрамлар ичида 592,22 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини шу йўл билан олиб ўтмоқчи бўлган.
Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбир натижасида жами 1672,22 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.