Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди

1 апрелдан коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларига старт берилди. Бу ҳақда ССВ маълум қилди.

Фото: gazeta.uz

Хабарга кўра, апрель ойи давомида Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 219 та эмлаш пунктларида бир ойда 142,3 минг эмлаш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, сурункали касалликлари бор аҳоли вакиллари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ҳам биринчи навбатда эмлаш режалаштирилган.

Қайд этилишича, бунинг учун мамлакат бўйлаб 3 138 та эмлаш пунктлари ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригадалар шай ҳолатга келтирилган.

Таъкидланишича, ҳудудларга вакциналарни ташиш учун COVAX дастури доирасида 17 та авторефрижератор, 206 та юк ташувчи минивен ва 16 та енгил автотранспорт воситалари келтирилган бўлиб, эмлаш жараёнлари учун 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга Хитойдан ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 1 миллион дозаси олиб келинган эди.

Янгиликлар