Бухоро ҳокими Тошкентда даволанаётганининг сабаби маълум қилинди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг коронавирусга чалингани маълум қилинган эди. Ижтимоий тармоқларда унинг айни пайтда Тошкентдаги шифохонада муолажа олаётганлиги турли мунозаларга сабаб бўлмоқда. Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Карим Камоловнинг вилоятда эмас, пойтахтда даволанаётгани вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда.

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб, вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган. Ҳокимликнинг ёзишича, агар Карим Камолов маҳаллий шифокорлар ва шифохоналарга ишончи бўлмаганида ўша заҳотиёқ пойтахтга борган бўларди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида ҳисобланади. Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт Бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди. Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради.

Аввалроқ Карим Камоловнинг коронавирусга чалингани, ҳолати ҳақида қўшимча маълумот берилмагани маълум қилинган эди.