Фарғона вилояти ҳокимлиги Муса Ерниязов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Фарғона вилояти ҳокимлиги Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи»

«Давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти Фарғона вилояти аҳлини ҳам қайғуга солди.

Бу инсон умрининг салкам йигирма йилини Қорақалпоғистон халқининг бахтли келажагини таъминлаш йўлида сарфлади. Қорақалпоғистонликларнинг қўлга киритган барча ютуқларида халқ тилида меҳр билан ъотаъ деб аталган етакчининг чексиз хизмати бор.

Қорақалпоғистонликлар Муса Ерниязов номи билан фахрланишга тўла ҳақлидирлар. У қаерда, қандай вазифада ишламасин, Ватанимиз ва халқимизга ҳалол, сидқидил хизмат қилди.

У эришган ҳаётдаги энг катта бойлик халқ ишончи эди. Aйниқса, Орол бўйидаги экологик вазиятни изга солиш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш борасидаги улкан бунёдкорлик ишлари халқ қалбидан чуқур ўрин олган.

Муса Тажетдинович яратган раҳбарлик мактаби ва тажрибаси ҳам кўплаб ёшларга ўрнак ва ибрат бўлиб қолади. Бу қалби кенг ва пок инсон фарғоналикларнинг кўҳна Қорақалпоғистонда ҳамкорликда деҳқончилик қилишлари, чорвачиликни ривожлантиришлари учун ҳам барча шароит яратиб берганди. Фарғона вилоятида этник қорақалпоқлар яшайдиган қишлоқ аҳли ҳолидан хабардор бўлиб турарди.

Замонамизнинг мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган етук давлат арбоби, билимдон раҳбарларидан бири Муса Тажетдинович Ерниёзовнинг порлоқ хотираси биз, фарғоналикларнинг ҳам қалбларида доимо сақланиб қолади.

Қорақалпоқ халқига, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлигимизни билдирамиз.»

Ш.Ғаниев, Л.Муродова, Т.Холдоров, Э.Сиддиқова, И.Султонов, Б.Темиров, У.Умаров, П.Эргашева, М.Мамадалиева, О.Хошимов

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент 1 август куни Нукусга етиб борди ва Муса Ерниязовнинг таъзия маросимида иштирок этди.

Янгиликлар