ССВ Муса Ерниязовнинг коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганини тасдиқлади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ўткир нафас олиш ва юрак-қон томир этишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Фото: «Халқ сўзи»

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида яшаган 73 ёшли Муса Ерниязовда 24 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган.

Унга коронавирус инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир, полиорган, ўткир жигар ва буйрак етишмовчиликлари, бош мия шиши, инсульт каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, кеча ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалингани тасдиқланганди. 25 июль куни унинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тез орада Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси вафот этгани ҳақидаги хабар рад этилганди. Кейинроқ Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланаётгани ҳақида хабар берилди. Таъкидланишича, Жўқорғи Кенгес раиси ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган бўлган.

Aввалроқ Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалингани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновнинг касал эканлиги маълум қилинган.

Янгиликлар