Самарқандда эҳтиёжманд оилаларга 12 млрд сўм ёрдам пули тарқатилди
Самарқанд вилоятидаги эҳтиёжманд оилаларга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм, вилоят бюджетидан қўшимча равишда 2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ёрдам пуллари 12 минг оилага туман (шаҳар)лардаги сектор раҳбарлари томонидан тарқатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати
Таъкидланишича, ҳукуматнинг тегишли фармойиши асосида вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан ёрдам пули тарқатилган.
Хусусан, «Нурафшон» маҳалласида яшовчи Холида Aкрамова касаллиги сабаб тўшакка михланган. Пандемия бошлангандан буён унинг оиласига моддий кўмак бериб келинади. Қурбон ҳайити муносабати билан унга ҳам 1 миллион сўм ёрдам пули берилган.
Кадр: Telegram
«Худога шукур, беэътибор қолмадим. Ҳаммага миннатдорчилик билдираман. Шу пайтга қадар озиқ-овқат, керакли маҳсулотларни етказиб беришди. Пандемия бошланган пайти оғир аҳволда қолгандим, мана бееътибор қолмадим», — дейди Холида Aкрамова.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида 47 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар рўйхатга олинган бўлиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, субсидиялар, кредитлар бериш, иш билан таъминлаш шаклида мақсадли ёрдам кўрсатилмоқда.
Aввалроқ Самарқанд вилоятининг Булунғур, Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан ёрдам пули тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.