Қўштепадаги бозор ҳудудида йўқолиб қолган бола ота-онасига топширилди

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги дехқон ва буюм бозори ҳудудида 30 август, шанба куни ЙПҲ инспектори яқинларини йўқотиб қўйган болани ота-онасига топширди, деб хабар берди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси

Маълум бўлишича, 30 август куни Қўштепа туманидаги Қумтепа марказий дехқон ва буюм бозори ҳудудида хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспектори ота-онасини йўқотиб қўйган Диёрбек исмли болага дуч келган. Хизмат вазифаси автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш бўлган инспектор Диёрбекнинг ота-онасини қидиришга киришган ҳамда тез фурсатда болани ўз ота-онасига соғ-саломат топширган.

Аввалроқ Фарғонада бедарак йўқолгани айтилган 27 ёшли қиз, Олтиариқда 7 ойлик чақалоғи билан бедарак йўқолган аёл Фарғона шаҳридан, Наманган шаҳрида бедарак йўқолган йигит шаҳардаги Сардоба бозоридан ҳамда Олтиариқда яшаш хонадонидан чиқиб кетган қиз Ёзёвон туманидан топилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, қидирувга берилган Меҳрибону Искандарова Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ва Янгийўлда қидирилаётган бола «Жўн ариқ» каналидан жонсиз ҳолатда топилган.

Янгиликлар