Оқдарёда 30 нафардан ортиқ меҳмон чақирган тўй эгалари жаримага тортилди (фото)
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 30 нафардан ортиқ меҳмон чақирган тўй эгаларига нисбатан далолатнома расмийлаштирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 30 сентябрь куни Оқдарё туман ҳокимлиги, туман ИИБ, туман Давлат санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари иштирокида Лойиш шаҳарчасидаги тўйхоналарда ўтказилаётган тўй базмларининг карантин талаблари асосида ўтказилишини назорат қилиш мақсадида рейд тадбири ўтказилган.
Тадбир давомида 30 нафардан ортиқ меҳмон чақирган тўй эгаларига нисбатан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилган. Шунингдек, туманда рейд тадбирлари давом этмоқда, дейилади хабарда.
Маълумот учун, салкам 1 ой ичида Тошкент шаҳрида 1 та, Сирдарёда 31 та, Фарғонада 75 та, Жиззах ва Қашқадарёда 20 тадан, Бухорода 7 та, Андижонда 11 та, Сурхондарёда 20 та, Хоразмда 7 та, Навоийда 5 та, Наманганда 30 та, Самарқандда 10 та ва Қорақалпоғистонда 6 та ҳолатда карантин қоидаларига риоя қилинмай тўй маросимлари ўтказилгани аниқланган.
Aввалроқ хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларига амал қилмай ўтказган тўйи учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда 40 нафардан ортиқ одам иштирокида тўй ўтказилган тўйхонага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.