Самарқандда 40 нафардан ортиқ одам иштирокида тўй ўтказилган тўйхонага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди

Самарқандда 40 кишидан ортиқ тўй ўтказилган тўйхонага нисбатан маъмурий баённома тузилди ва қонуний қарор қабул қилиш учун вилоят давлат санитария эпидемиология назорати марказига юборилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Хабарга кўра, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 6-сонли ИИБга 29 август куни Самарқанд шаҳридаги Мароқанд кўчасида жойлашган «Мароқанд» тўйхонасида 40 нафардан ортиқ фуқаролар иштирокида тўй-маросими ўтказилаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Хабарга асосан ҳудуд профилактика инспектори томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилганда, ҳақиқатдан ҳам ушбу тўйхона маъмурияти Республика махсус комиссиясининг баёни талабларини бузганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, тўйхона маъмуриятига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд вилояти Давлат санитария эпидемиология назорати марказига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Олотда 150 кишилик тўй маросимини ўтказган фуқарога салкам 4,5 миллион сўм жарима белгилангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар