Олотда 150 кишилик тўй маросимини ўтказган фуқарога салкам 4,5 млн сўм жарима белгиланди (видео)
Бухоро вилоятининг Олот туманида карантин қоидаларига зид равишда 150 кишидан иборат тўй маросимини ўтказган фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» телеканалида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Олот тумани Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари томонидан ўрганишлар жараёнида тумандаги хонадонларнинг бирида «қиз узатди» тўй маросимида 150 киши иштирок этгани аниқланган.
«Эрталаб оила бошлиқларидан тўйни карантин нормаларига монанд ўтказиш бўйича тилхат олинган. Кечки пайт бориб текширганимизда тўйхонада 150 нафардан ортиқ фуқаро бўлганлиги сабабли маъмурий баённома тузилди», — дейди инспектор.
Фуқарога нисбатан «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун 39-моддаси (Ҳужжатларни бузганлик) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Маълумот учун, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, меҳмонлар сони 30 нафардан ошмаган ҳолда тўй ва маросимлар ўтказишга рухсат этилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистон карантин чоралари юмшатилиши ва 30 кишилик тўй-маросимларга рухсат берилишини маълум қилган эди.