Фарғонада салкам 1 ой ичида 243 та тўй карантин талабларига зид ҳолда ўтказилган

Фарғона вилоятида 16 августдан 13 сентябргача бўлган муддатда 243 та тўй карантин талабларига зид ҳолда ўтказилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларга кўра, 11 сентябрь куни мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 749 нафарга етиб, антирекорд янгиланган. 15 сентябрь куни 570 ҳолатда, 16 сентябрь куни эса 597 ҳолатда касаллик қайд этилган.

«Дунё бўйича пандемиянинг илк босқичларида касалланганлар сони 100 минг нафарга етиши учун ҳафта керак бўлса, ҳозир бу рақам соатлар ичида қайд этилмоқда. Мамлакатимиздаги ҳозирги ҳолатни ҳам жуда яхши деб айтолмайман. Сентябрнинг илк кунида 343 нафар бемор қайд этилган бўлса, кундан-кунга бу кўрсаткич ўсиб боряпти. Одамлар, жумладан, болалар анча вақт уйда бўлди. Энди эса кўпчиликда бемалоллик кузатилмоқда. Аҳолимиз бозорлар, истироҳат боғлари, дам олиш масканларига ўзлари ва фарзандлари билан бориб, аввалги ҳаёт тарзига қайтмоқда. Мактабларда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан аҳоли ўртасида ўзаро мулоқотнинг кўпайиши, ўз навбатида, коронавирус хавфини ҳам кучайтиради», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова.

Шунингдек, Ўзбекистонда карантин бутунлай бекор бўлмаган. Тўй-маъракалар ўтказилишида тартиб-қоидалар сақлаб қолинган. Аммо аҳоли орасида кўп сонли одамлар иштирокида дабдабали тўйлар ўтказиш, йиғинлар ташкил қилиш ҳоллари кузатилмоқда.

«Республика бўйича карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган энг кўп тўй маросимлари Фарғона вилоятида аниқланган. 16 августдан 13 сентябргача бўлган муддатда маҳалла фаоллари ва ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари натижасида карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўтказилган 243 та тўй маросими аниқланган. Тошкент шаҳрида 1 та, Сирдарёда 31 та, Фарғонада 75 та, Жиззах ва Қашқадарёда 20 тадан, Бухорода 7 та, Андижонда 11 та, Сурхондарёда 20 та, Хоразмда 7 та, Навоийда 5 та, Наманганда 30 та, Самарқандда 10 та ва Қорақалпоғистонда 6 та ҳолатда карантин қоидаларига риоя қилинмай тўй маросимлари ўтказилган», — дейди ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев.

Қайд этилишича, фуқаролар ўртасида ниқоб тақиш ҳамда карантин қоидаларига амал қилиш ҳолати камайиб кетган.

«Аҳоли ўртасидаги ана шундай тегишли профилактик тадбирларни бажармаслик, тавсияларга риоя қилмаслик, лоқайлик касаллик бўйича вазиятнинг мураккаблашишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон шароитида карантин бекор қилингани йўқ. Аксинча, у бир мунча юмшатилди. Агар биз карантин тадбирларига риоя этар эканмиз, вазиятни барқарор ҳолатга келтиришимиз мумкин бўлади», — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволашда тизим яратилган. 60 мингдан кўпроқ ўрин-жойлар тайёрланган. Уларнинг 10 фоизидан фойдаланилмоқда. Қолганлари захира ўринларидир.

Aввалроқ Хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларига амал қилмай ўтказган тўйи учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда 40 нафардан ортиқ одам иштирокида тўй ўтказилган тўйхонага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.