Андижонда 11 та тўй карантин қоидаларига зид равишда ўтказилгани аниқланди

Андижон вилоятининг қатор туманларида 1 август кунидан 7 сентябрь кунига қадар ўтказилган тўй маросимларида карантин қоидаларига риоя этилмагани аниқланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ИИБ ходимлари Қўрғонтепа, Марҳамат, Асака, Жалақудуқ, Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод туманларида ўтказилган жами 11 та тўй маросимида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқлаган. Гарчи тўйда қатнашувчи фуқаролар сонини 30 кишидан оширмаслик тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантириш хатлари олинган бўлса-да, уларни бузиш ҳолати содир бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда қонуний чора кўришлик учун Андижон вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, меҳмонлар сони 30 нафардан ошмаган ҳолда тўй ва маросимлар ўтказишга рухсат этилган.

Аввалроқ Олотда 150 кишилик тўй маросимини ўтказган фуқарога салкам 4,5 миллион сўм жарима белгилангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар