«Кундан кунга тизим кучини йўқотмоқда». Светлана Тихановская — Беларусда иш ташлашнинг илк ҳафтаси ҳақида

Беларусь мухолифатининг етакчиси Светлана Тихановская Беларусда маҳаллий ҳокимият ультиматум талабларини бажармаганидан кейин бошланган иш ташлашнинг илк натижалари сарҳисоб қилинган видеомурожаатни эълон қилди.

Тихановская Беларусь халқи келажак учун масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкинлигини кўрсатганлигини таъкидлади. У ишчиларни ишдан бўшатиш ва норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаётган талабаларни ўқишдан ҳайдашни жавобгарликдан қочиш деб атади. Тихановская кейинги четлатишлар ва иш ташлашлар тизимни икки баравар тезроқ йўқ қилишига ишонади.

Беларусда умуммиллий иш ташлаш 26 октябрь куни бошланди. Унга давлат корхоналари ва хусусий компанияларнинг айрим ходимлари ҳам қўшилди. Иш ташлашнинг дастлабки кунларида Беларуснинг бир қатор университетлари талабалари ва баъзи ўқитувчилари норозилик акцияларига чиқди.

Александр Лукашенко 27 октябрь куни Беларусда норозилик акцияларида қатнашган университет талабаларини ўқишдан четлаштиришни талаб қилди. Бундан ташқари, Лукашенко талабалар норозилигини изоҳлар экан, мамлакатга хорижий университетларнинг дипломларини тан олмаслиги учун ҳукуматга чора кўришни буюрди.

Аввалроқ Беларусь шаҳарларида собиқ президентликка номзод Светлана Тихановская томонидан қўйилган ультиматум — ҳокимиятга қўйилган талабларнинг бажарилишининг сўнгги кунига бағишланган митинглар бўлиб ўтди. Кейинроқ Минск шаҳар полицияси бошлиғи Иван Кубраков митинг пайтида тахминан 120 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.