Ўзбекистонда Беларусь компаниялари томонидан эко-уйлар қурилади
Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов Беларуснинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич билан учрашди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, томонлар мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек Беларусь компанияларининг Ўзбекистонда, хусусан Бўстонлиқ ва Зомин туманларида (Тошкент вилояти ва Жиззах вилоятида) эко-уйлар қуриш имкониятларига оид масалаларни муҳокама қилишди. Ўтказилган музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида икки томонлама туризмни ривожлантиришга доир ҳукуматлараро келишув тайёрланмоқда.
Мазкур келишув 2020 йилнинг 16–18 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши доирасида имзоланиши режалаштирилмоқда. Келишув икки томонлама туристик салоҳиятни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистондан Беларусга ва Беларусдан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишга йўналтирилади. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг тоғ-чанғи курортларини тарғиб қилишга, шунингдек мамлакатимизнинг инвестисион лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил экотуризм ва ов туризмидан 1 миллиард сўм фойда кўрилгангани маълум қилинганди.