Ўзбекистонда 2019 йил экотуризм ва ов туризмидан бир млрд сўм фойда кўрилган

Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь, жума куни ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Йиғилишда туризм соҳасида ўрмон хўжалиги доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳамда ўрмон хўжалиги бўйича илм-фанни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«2019 йили экотуризм ва ов туризмидан жами 1 миллиард сўм тушган. Лекин бу кам. Бўстонлиқ туманидаги янги тизим ўрмон ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича жуда катта захиралар мавжудлигини кўрсатди. Мисол учун, «Бурчмулла» ўрмон хўжалигида хусусий шериклик асосида 300 ўринли экотуризм маскани барпо этилмоқда», дейилдаи хабарда.

Йиғилишда ана шундай имкониятларни ишга солиб, келгуси йилда экология ва ов туризмидан даромадларни 10—15 бараварга ошириш мумкинлиги таъкидланган. Шунингдек, Шаҳрисабз, Китоб, Бойсун, Боботоғ, Зомин, Бахмал, Оҳангарон, Бекобод, Далварзин, Поп, Қўқон, Қозоқдарё ўрмон ва ов хўжаликларида туризм масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, видеоселектр давомида маҳаллий пистанинг сувсизликка чидамли ва юқори ҳосил берадиган 13 турдаги янги навини рўйхатдан ўтказиб, кейинги йилдан тоғли туманларда экиш кераклиги қайд этилган. Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасига доривор ўсимликларни маҳаллийлаштириш учун тажриба плантациялари ва илмий марказ, шунингдек, ўрмон тупроқшунослиги, «in vitro» ва уруғчилик лабораторияларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида бўлгани каби ўрмон хўжалигини ривожлантириш учун ҳам халқаро ташкилотлар маблағларини жалб қилиб, йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалаларни инобатга олиб, ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича 10 йиллик дастур лойиҳасини такомиллаштириш вазифаси белгиланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Президент қатор туманлардаги ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича бажарилган ишларни танқид қилганди.

Янгиликлар