Президент қатор туманлардаги ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича бажарилган ишларни танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь, жума куни ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги маълум қилинганди. Унда айрим туманларнинг ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича ишлар танқидий баҳоланган.

Фото: Президент матбуот хизматиетказилди

Хабарда айтилишича, бу йилдан бошлаб оборотда бўлмаган ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тартиби жорий қилингани таъкидланиб, ҳозирги кунда 20 минг гектар шундай ер ижарага берилгани айтиб ўтилган. Шунингдек, бу ишларни давом эттириб, қўшимча ерларни оборотга киритиш ҳамда тадбиркорларга ижарага беришни кенгайтириш вазифаси қўйилган.

Йиғилишда кўп жойларда, жумладан, Қоракўл, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Поп, Чортоқ, Нуробод, Қўшработ, Нурота, Бахмал, Фориш, Узун, Бойсун, Оҳангарон, Бекобод туманларида ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш бўйича ишлар танқид қилинган ва етарлича ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, пиллачиликда озуқа базасини кўпайтириш мақсадида фермер хўжаликларида 2 минг гектар, 2021 йилда 2,5 минг гектарга тут кўчатлари экиш режалаштирилгани, 2019 йили доривор ўсимликлар плантацияси 2 минг гектарга етказилгани ҳамда йиғилишда келгуси йили бундай майдонларни 5 минг гектарга етказиб, ҳосилни 8 минг тоннагача ошириш зарурлиги айтилган.

«Хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон фонди ерларида асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш, бандликни таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари белгиланди», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар