Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари 12 млн гектарга етказилди

Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь, жума куни ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, охирги уч йилда иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, экологияни яхшилашда ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакат ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилган.

Жумладан, Орол денгизининг 1,2 миллион гектар қуриган тубида ихота дарахтзорлари барпо этилган. Оборотдан чиқиб кетган 10 минг гектар ўрмон хўжалиги ерлари ўзлаштирилган, 5 ярим минг гектарда ёнғоқ, 4 минг гектарда озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, ўрмон хўжаликларида биринчи маротаба 64 та биолаборатория ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланиб, келгусидаги устувор вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, соҳада хусусий секторни жалб қилган ҳолда ўрмон ерларини ўзлаштириш, йилқичилик, чорвачилик, уруғчилик, кўчатчилик, туризмни кенг йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Хабарда айтилишича, яна 50 минг гектар ўрмонзор барпо этиб, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ҳамда Тошкент вилоятларида ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари ташкил қилиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, мебелсозлик корхоналари хомашёнинг 90 фоизини импорт қилаётганидан келиб чиқиб, уларга кластер усулида павловния ва бошқа мебелбоп дарахтлар етиштириш учун ер ажратиш бўйича топшириқ берилган. Ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, хусусан, суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг сув танқис ва тупроғи шўр бўлган ҳудудларида павловния дарахти плантациялари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар