Ўзбекистонда ноябрь ойида кузатилган инфляция миқдори маълум қилинди

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги инфляция даражаси 1,5 фоизга ошганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, умумий ҳисобда 2020 йилнинг 11 ойи давомида истеъмол товарлари нархи 12,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,8 фоизга, хизматлар эса 6,1 фоизга қимматлашган. Ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг асосий ўсиш мева ва сабзавот маҳсулотлари орасида қайд этилган (7,8 фоиз). Ёғ-мой маҳсулотлари 3,3 фоизга, гўшт, парранда гўшти ва балиқ 1,5 фоизга, шакар, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5 фоизга, сут маҳсулотлари 1,2 фозига қимматлаган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг январь–ноябрь ойларида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 9,5 фоиз бўлган бўлса, 2019 йилнинг январь–ноябрь ойларида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 13,3 фоизни ташкил қилган.

Ноябрь ойида тарифларнинг ўсишидаги етакчилик маиший хизматлар ва тиббий хизматларда қайд этилган. Шунингдек, 2020 йил ҳисобида энг юқори ўсиш давлат боғчаларида (15,2 фоиз), маиший хизматларда (12,5 фоиз) ва йўловчи транспорти хизматларида (10,9 фоиз) қайд этилган.

Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Марказий банк 2020 йил январь–сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар