Ўзбекистонда 2020 йилнинг инфляция даражаси маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–декабрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 15,3 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 8,8 фоиз, хизматлар 7,1 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Фото: «ukranews.com»

Хабарга кўра, инфляциянинг ўсиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида кузатилган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳамда хизматлар тарифида ойлик инфляция 1 фоизни ҳам ташкил этмаган. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархининг инфляцияси фақат сентябр ойида 1 фоизни ташкил этган.

Ўтган 2020 йил давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 11,1 фоизни ташкил қилди. 2019 йил ушбу кўрсаткич 15,2 фоиз бўлган. Декабрь ойида ўртача истеъмол нархлари ва тарифлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил этган.

Истеъмол нархлари индекси 2020 йилнинг июнь ва июль ойларида 2019 йилдаги мос даврга нисбатан пасайган. ИНИ ўсиш суръати фақат сентябр ойига келиб, март ойидаги кўрсаткичдан ўтиб кетган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ноябрь ойида кузатилган инфляция миқдори маълум қилинган. Шунингдек, Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берилганди

Янгиликлар