ИИВ карантиндан кейин масжидларда намозларни жамоа билан ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилди
Ички ишлар вазирлиги карантин тартиби бекор қилинганидан сўнг мамлакатдаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларни адо этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини маълум қилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, вазирлик фуқароларнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади.
«Республикамиз ҳудудидаги масжидларда фуқаролар томонидан жамоа намозлари ўқилиши жараёнида хавфсизликни таъминлаш, масжидлар ёнида ва уларга туташ автотураргоҳларда машиналарнинг тартибли ҳаракатланишини ташкил этишда ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида хизмат қилиб келмоқда.
Aлбатта, дунё миқёсида кузатилаётган коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлардаги каби намозларни масжидларда жамоа билан ўқишда чекловлар жорий қилинди. Бу чекловларнинг барчаси вақтинча ўрнатилган бўлиб, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи камайиши билан уларни босқичма-босқич ечиш кўзда тутилган.
Жумладан, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчиликда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан 1 августдан 15 августга қадар диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар фаолияти тўхтатилган.