Зангиотада прокуратура ходими нотўғри операция оқибатида вафот этгани тўғрисидаги хабар рад этилди

Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Зангиота туманида прокуратура ходими нотўғри жарроҳлик амалиёти сабаб вафот этгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Лор Мед сервис» хусусий клиникасида нотўғри жарроҳлик амалиёти ўтказилганлиги сабабли прокуратура ходими вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

2020 йил 30 июль куни соат 14:55 ларда фуқаро Суҳроб Турдиев (1991 йилда туғилган) Зангиота туманида жойлашган хусусий клиникада бурун деформацияси ташхиси бўйича ўтказилган жарроҳлик амалиёти давомида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марҳум Суҳроб Турдиев ҳақиқатан ҳам 2018 йил ноябр ойига қадар прокуратура органлари тизимида ишлаб келиб, Тошкент вилояти прокурорининг буйруғига асосан прокуратура органларидан бўшатилган.

“Шифокор ҳибсга олинганлиги ҳақидаги маълумот ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади прокуратура хабарида.

Aввалроқ Фарғона ИИБ ички ишлар ходимлари томонидан калтакланган ўқитувчи ишига муносабат билдиргани ҳақда хабар берилганди. Таъкидланишича, ички ишлар органлари ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Ш.Ж.ни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Янгиликлар