Фарғонада тест синовлари бўладиган ҳар бир стадионга 3 тадан реанимобиль ажратилди
Фарғона вилоятида 2—10 сентябр кунлари кунига икки сменада олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини муваффақиятли ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, имтиҳонларни белгиланган карантин тартиб-қоидалари асосида ўтказиш учун вилоятнинг Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Сўх туманида 6 та стадион танлаб олинган. Шу мақсадда Фарғона шаҳридаги «Истиқлол», Қиргулидаги «Нефтчи» стадионлари, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Сўх туманидаги марказий стадионларда барча шароитлар яратилди.
Қайд этилишича, имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир стадионга махсус жиҳозланган ва тез тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган 3 тадан реанимобиль ажратилиб, стадионларда ҳар соатда дезинфекция ишларини амалга ошириш белгиланди.
Шунингдек, вилоят транспорт бошқармасига ҳудудлардан абитуриентларни имтиҳонга ўз вақтида етиб келишини таъминлаш ва тест синовларидан сўнг хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда яшаш манзилига элтиб қўйиш мақсадида автобуслар ажратиш, абитуриентларга қулай бўлиши учун бекатларда махсус тўхташ жойларини ташкил этиш вазифаси топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада ОТМларга тест синовлари ўтказиладиган стадионлар рўйхати ҳамда тест синовлари бўлиб ўтадиган ҳудудларнинг геожойлашуви эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.