«Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак» — Олот тумани ҳокими

Бухоро вилояти Олот туманида 2 сентябрь, чоршанба куни пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Йиғилишда туман ҳокими Наргиза Неъматова мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар хусусида батафсил маълумот берган.

Қайд этилишича, 2020 йилда Олот туманида давлат шартномаси асосида 7 минг 915 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда. 192 та фермер хўжалиги томонидан давлатга 25 минг 870 тонна пахта топшириш белгиланган. Ҳар гектар майдондан 1,2 центнердан жами 921 тонна қўшимча пахта топшириш мақсад қилинган.

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Тумандаги мавжуд ер майдонларидан 1 минг 403 гектар ер майдони «Оlot Cotton Cluster» масъулияти чекланган жамиятига ажратилган бўлиб, кластер 824 гектарга пахта экиб, давлатга 2 минг 706 тонна қўшимча пахта топшириш мақсад қилинган. Ушбу кластер корхона томонидан эрта баҳордан фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда пахтадан мўл ҳосил олиш учун белгиланган ишлар, агротехник тадбирлар самарали ташкил этиб келинмоқда. Ғўза минерал ва маҳаллий ўғитлар билан етарли озиқлантирилган.

«Пахта ҳосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш учун пандемия даврида даромад манбасидан ажралганлар, уй бекалари, уюшмаган ёшлардан иборат туманда 192 та терим отряди шакллантирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 154 та терим отряди шакллантирилган. Отряд сафига энг камида 80 нафар теримчи киритилган бўлиб, ҳар бир отрядга ўртача 30-40 гектардан пахта майдони тўғри келади. Белгиланган отрядларни тез ва тўла шакллантириш борасида маҳалла вакилларига керакли кўрсатмалар берилди», — дейилади хабарда.

Фото: Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Ерни севадиган, меҳнаткаш, фидойи инсонлар, ўз ишининг усталари бор экан, элнинг юки сира ерда қолмайди», — дейди туман ҳокими Наргиза Неъматова.

Терилган пахта хом ашёсини пахта қабул қилиш масканларига узлуксиз етказиб бериш мақсадида 190 та транспорт воситаси, 300 та трактор тиркамаси мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган. Айни кунларда дефолиация ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Маслаҳат йиғилишида туман ҳокими ва соҳа мутахассислари томонидан фермерларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилган.

Аввалроқ Олотда 2020 йилда 27,5 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Пахтаободда 2020 йилги мавсумда 20 минг тоннадан ортиқ, Булоқбошида 2020 йилда 12 минг тоннадан ортиқ пахта ҳосили олиш режалаштирилгани ҳамда Пешкуда пахта даласидаги сув тежовчи технологияларни ўрганиш бўйича ўқув-кўргазмали семинар ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар