Самарқандда абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари бошланди
Самарқанд вилоятида олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб 13 сентябрга қадар бўлиб ўтиши кўзда тутилган бўлиб, 2 сентябр, чоршанба куни кириш имтиҳонларининг биринчи кунига старт берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқандда 2020/2021 ўқув йилида олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тест синовлари 7 очиқ майдонда ўтказилиши белгиланган бўлиб, 132 минг нафардан ортиқ абитуриент тест синовларини топширади. Хусусан, бир кунда икки навбатда 12 минг 280 киши имтиҳон топшириши ва синовларни 11 кунда якунлаш режалаштирилган.
«Ўрта мактабни битириб, Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ўқишга кирмоқчиман. Пандемия шароитида акам ва опам уйда бўлиб, тест синовларига пухта тайёргарлик кўришимга ёрдам беришди. Насиб этса, тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўламан», — дейди тойлоқлик Акмалхон Мардонов.
Аввалроқ Самарқандда абитуриентлар учун 12 та махсус автобус линияси ташкил этилиши ҳамда ОТМларга кириш имтиҳонлари учун 383 нафар назоратчи танлаб олингани ҳақида хабар берилганди.