Самарқандда ОТМларга кириш имтиҳонлари учун 383 нафар назоратчи танлаб олинди
Самарқанд вилоятида ОТМларга кириш имтиҳонларини ўтказиш учун 383 нафар назоратчи танлаб олинди. Бу ҳақда Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Воҳид Сирлибоев хабар берди.
Хабарда айтилишича, вилоятда тест синовларида жами 204 та гуруҳ абитуриент қатнашади. Улар учун олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, халқ таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимлар орасидан 383 нафар ходим гуруҳ назоратчилари сифатида танлаб олинди. Уларга 28—29 август кунлари тест тизимидаги энг сўнгги янгиликлар, тест кунларидаги вазифалари тўғрисида маълумотлар берилган.
Назоратчиларга тўланадиган ҳақ миқдори Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича Давлат комиссиясининг 1-сон баёнига кўра, бир кунга 250 848 сўм (даромад солиғи чиқариб ташлаганда 218 238 сўм) миқдорида белгиланган. Бундан ташқари, назоратчилар учун аутсорсинг асосида Давлат тест маркази томонидан сифатли тушлик етказиб берилиши маълум қилинган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари, «Самшаҳарнур» ташкилоти, Давлат тест маркази ходимлари иккинчи смена имтиҳон ўтказиладиган майдонларнинг ёритилганлик даражасини махсус асбоблар ёрдамида назорат қилади, зарур ҳолатларда қўшимча ёриткичлар ўрнатилади.
ДТМ вакили ҳозирда барча майдонларда охирги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилаётгани, абитуриентлар учун ҳам етарли миқдорда ичимлик суви, ручка, ниқоб, қўлқоп, бош кийим ва дезинфекцияловчи воситалар захираси келтирилганини хабар қилган.
Маълумот учун, Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига 12 875 та, магистратурага 1098 та ўрин ажратилган.
Аввалроқ Андижонда ва Бухорода тест-синовлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулотлари ўтказилгани, Бухорода 20 миллиард сўмлик лойиҳа асосида ДТМ вилоят филиалининг янги биноси қурилаётгани хабар қилинган эди.