Бухорода 20 млрд сўмлик лойиҳа асосида ДТМ вилоят филиалининг янги биноси қурилмоқда (фото)
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров 29 август, шанба куни Бухоро шаҳрида қурилаётган Республика Давлат Тест марказининг вилоят филиали биноси ҳамда қуриб битказилган 43-сонли умумтаълим мактаби билан танишди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, умумий қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этган мазкур лойиҳа учун Бухоро тумани, «Боғидашт» МФЙ, ҳозирги Бухоро шаҳрининг 7-микротумани ҳудудидан 2 гектар ер майдони ажратилган. Бироқ, ҳабарда «Галаосиё Сохтимон» МЧЖ қурувчилари томонидан пандемия туфайли қурилишда белгиланган вазифаларни бажариш ишлари анча сусайганлиги айтилган.
Вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров тегишли масъуллар ҳамроҳлигида мазкур манзилда бўлиб, бажарилаётган ишлар билан яқиндан танишган. Қурувчи ва мутасаддилар билан мулоқотда вилоят раҳбари иншоотни сифатли барпо этиш, қурилиш материаллари таъминоти билан боғлиқ масалаларни зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриш билан боғлиқ тавсия ва топшириқларини берган.
Маълумотларга кўра, лойиҳанинг асосий қисми — узунлиги 114 метр, эни 30 метрли тест имтиҳони учун бунёд этиладиган павильон бўлади. Бу ерда бир пайтда минг нафар абитуриент тест имтиҳонини топшириши учун зарур имконият яратилади.
Мавзуга доир: Бухорода ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудларнинг геожойлашуви эълон қилинди
Шунингдек, маъмурият, иккитадан лингофон ҳамда компьютер хоналари барпо қилинади. Имтиҳон даврида фарзандлари ва яқинларини қўллаб-қувватлайдиган ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари учун ҳам алоҳида павильон қурилиб, бунда кафе-ошхона ва бошқа хизматлар ва қулайликлар ҳозирланади.
Бундан ташқари, мутасаддилар мазкур ҳудудда янгидан қуриб битказилган 43-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлган. 2020 йилда умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мактаб талаблари асосида қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастури асосида барпо этилган мазкур мактаб янги ўқув йилидан 630 нафар ўқувчини қабул қилиши кўзда тутилган. Мактабда 18 та синф хонасига эга икки қаватли ўқув корпуси, стандарт талабига жавоб берадиган спорт зали, ошхона ва бошқа бинолар барпо этилган ҳамда зарур жиҳозлар билан жиҳозланган.
Аввалроқ Ғиждувон ҳокими ҳудуддаги мактабларга бориб, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни билан танишгани ҳақида хабар берилганди.