Ғиждувон ҳокими ҳудуддаги мактабларга бориб, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни билан танишди
Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида Халқ таълими тизимига доир видеоселектор ўтказилган. Йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон ҳокими Муроджон Умаров ҳудуддаги мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни билан танишди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Муроджон Умаров томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ва пандемия даврида санитария-эпидемиологик талабларга мувофиқ иш тартибини ташкиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Сектор рахбарларининг тумандаги 56, 2-умумий ўрта таълим мактабига ташрифида янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Тошкент тиббиёт академияси томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий таълим мактаблари ва махсус мактаб интернатларининг фаолияти ва иш тартибини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар» масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, мактабларнинг моддий-техник базаси, ўқув дарсликлар таъминоти ва куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилди. Ўқитувчиларнинг ўқув йилини қандай бошлаш тўғрисидаги фикрлари тингланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, дарс вақтини 45 дақиқадан 30 дақиқага қисқартириш таклиф этилган. Шунингдек, мактаблар бўйича ўтказилган онлайн сўровномада 50 фоиздан ортиқ ота-она мактаблар фаолиятини бошлашни қўллаб чиққан.
Aввалроқ Ўзбекистонда пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганлиги хабар берилганди.