Қорақалпоғистонда сўнгги 4 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга ўсгани маълум қилинди

Нукус шаҳрида 2 октябрь, жума куни Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган эди. Унда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, охирги тўрт йилда ўнлаб йирик тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа замонавий саноат корхоналари қурилиши ҳисобига Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар ўсган. Янги сув тармоқлари қурилиши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 40 фоиздан 67 фоизга етган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 241 та мактаб, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари янгидан қурилган, капитал таъмирланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловни Жўқорғи Кенгес Раислигига сайлангани билан табриклаб, ўта масъулиятли вазифада муваффақият тилаган.

«Янги раҳбар фаолиятининг энг муҳим йўналиши ‘халқнинг дардини эшитиш ва масалаларини ҳал этиш’ бўлиши керак. Бунинг учун тинимсиз изланиш, меҳнат қилиш, халқ билан маслаҳатлашиб ишлаш зарур. Қорақалпоғистонда элни севган, билимли, фидойи ёшлар кўп. Уларни бирлаштириб, натижа қилиш, эл-юртга манфаат олиб келиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар