Тошкентда салкам 1,5 млрд сўмлик маиший техника жиҳозларини ноқонуний тарзда сақлаб келган самарқандлик ушланди

Тошкентда 1 миллиард 25 миллион сўмлик маиший техника жиҳозларини ноқонуний тарзда сақлаб келган самарқандлик қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ахборот хизмати

Хабарга кўра, ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда «Чинор» блокпостида ўтказилган тадбир давомида Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи О.О. бошқариб келаётган машина тўхтатиб текширилган.

Маълум қилинишича, машина ичида Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган Ш.Ш.гa тегишли бўлган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, 725 миллион сўмга яқин бўлган йирик миқдордаги контрафакт маиший техника жиҳозлари борлиги аниқланган.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ахборот хизмати

Таъкидланишича, Ш.Ш.нинг вақтинчалик рўйхатда турган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги хонадони кўздан кечирилганда яна 300 миллион сўмлик 1120 дона уяли алоқа воситаси сақланаётганлиги маълум бўлган. Шунингдек, қонунбузарлар ва қўлга олинган товар моддий буюмлари белгиланган тартибда тегишли идораларга топширилган. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Бухорода ноқонуний тарзда салкам 237 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёз олганлар ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ушлангани хабар қилинган.

Янгиликлар