Ўзбекистондаги магистратураларда спорт соҳасида янги мутахассисликларга қабул қачондан бошланиши маълум қилинди

Ўзбекистонда магистратураларда спорт соҳасида янги мутахассисликларга қабул 2021/2022 йилдан бошланади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 735-сон қарори қабул қилинган. Қарорда жамиятда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • экстремал спорт ва спорт туризми бўйича кадрлар тайёрлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида алоҳида кафедра очилади;
  • «Спорт тадбирларини шарҳловчи», «Йирик спорт тадбирларини ташкиллаштириш (промоутер)» ҳамда «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш» бўйича магистратура мутахассисликларига қабул бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг 128 нафари грант асосида талаба бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар