Андижонда пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилган банк ходимлари ушланди

Асака туманида пенсия ва нафақа пуллари банк ходимлари томонидан тўлов қайдномаларида имзоларни сохталаштиргани аниқланган. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар берди.

Хабарга кўра, АТ «Халқ банки» Асака филиали сайёр касса ҳисобчи-назоратчилари Н.Қ. ва С.Р. 158 нафар фуқаронинг жами 90,3 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини тарқатмасдан, тўлов қайдномаларида имзоларни сохталаштириб, талон-торож қилганликлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг туман бўлими томонидан аниқланган.

Бундан ташқари, банк филиалининг собиқ раҳбари У.Ю. ва бошқалар «Э.Д.» МЧЖ томонидан кредит маблағини тўлиқ сўндириш учун тўланган 58 миллион сўмни банкка кирим қилмасдан ўзлаштиргани, қилмишларини яшириш мақсадида нотариал идорага сохта ҳужжатлар тақдим қилиб, гаровдаги мулкка қўйилган тақиқни бекор қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.