Ўзбекистонда 1 октябрдан рақамни сақлаган ҳолда мобиль операторни ўзгартириш хизмати ишга тушиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов иштирокида 3 сентябрь куни брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда рақамни сақлаб қолган ҳолда мобиль алоқа операторини ўзгартириш санасига аниқлик киритилди. Матбуот котиби ижтимоий тармоқларда ушбу хизмат 1 октябрдан кучга кириши ҳақида тарқаган маълумотларни рад этди.

«Бироқ бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлиши кутилмоқда. Бундай хабарларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалишига телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг 1 октябрда кучга кириши сабаб бўлган. Яъни, мазкур норматив-ҳужжат 2020 йилнинг 31 июль куни қабул қилинган бўлса-да, 1 октябрда кучга кириши белгиланган. Аммо ҳужжат кучга кирди, деганда унда келтирилган хизматлар ҳам ўша заҳоти кучга кириши кўрсатилмаган», — дейди вазирликнинг матбуот котиби.

Шунингдек, у ушбу ҳужжат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилгани ҳамда вазирликнинг тегишли буйруғи билан тасдиқлангани, Aдлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат рўхатидан ўтказилгани маълум қилинди.

«Бир компаниядан бошқа компанияга ўз мобиль рақами билан ўтиб, янги абонент сифатида ўша компания хизматларидан фойдаланиш дунё тажрибасида бор. Бугунги кунда қабул қилинган ҳужжат асосида ўзбекистонлик абонентларга ҳам ана шундай имкониятни тақдим этиш ҳаракатлари бошланди», дейди матбуот котиби.

Унинг айтишича, 2020—2021 йилларда мобиль алоқа операторлари томонидан зарур инфратузилма тайёрланади, керакли жиҳоз ва қурилмалар сотиб олинади. 2021 йилнинг охирига қадар бу хизмат тўлиқ амалиётга жорий қилинган бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодлари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар юзасидан баёнот берилган эди.

Янгиликлар