Тадбиркорларга экспортига қараб молиявий ёрдам берилади

Ўзбекистондан экспортёрларни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 30 сентябрь куни қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланди.

Фармонга мувофиқ экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури амалга оширилади.

Дастурга киритилган экспортчи корхоналарга Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ойдаги экспорт ҳажмидан келиб чиқиб қуйидаги молиявий ёрдамлар кўрсатилади:

  • экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда – 1 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда – 2 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда – 3 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда – 4 миллион долларгача;
  • экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда – 5 миллион долларгача;
  • битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда.