Ўзбекистонда «автозаправкалар» учун янги хавфсизлик талаблари жорий этилмоқда

Мамлакатда хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган, юқори босим остида ишловчи ускуналардан фойдаланишни чеклаш бўйича чоралар кўрилади

Вазирлар Маҳкамасининг  «Ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Автомобилларга ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларига қуйидаги қоидаларга риоя этиш бўйича минимал талаблар тасдиқланди:

• ёнғин ва саноат хавфсизлиги;

• экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

• шунингдек, технологик жараёнлар ва ускуналарни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар.

2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ қуйиш иншоотларида, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ёқилғидан фойдаланадиган объектларда ортиқча босим остида ишлайдиган, хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган ускуналардан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида U-Gas дастурий-аппарат комплексини жорий этиш, ундан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ сотиш фаолиятини амалга ошириш учун U-Gas дастурини жорий этиш мажбурий шарт ҳисобланади. U-Gas маълумотлари эса табиий газ савдоси соҳасидаги талабларга риоя этилиши тўғрисидаги расмий маълумот ҳисобланиб, тартибга солувчи органлар томонидан маъмурий чоралар қўллаш учун асос сифатида тан олинади.

Ўзбекистон