Тошкентда квартиралар ижара ҳақи икки баравар қимматлашди

Тошкент шаҳрида хориж фуқароларининг, жумладан, россияликларнинг кўплаб келаётгани боис квартиралар ижара ҳақи сўнгги икки ойда икки баробарга қимматлашди.

«Икки ой олдин бир-икки хонали квартиралар 300 доллардан 450 долларгача бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг нархи 600 дан 1000-1500 долларгача кўтарилган», — дейди «Этажи» кўчмас мулк агентлиги.

Компания Call-маркази маълумотларига кўра, уларга ҳар куни етти—саккиз нафар хорижлик учун Тошкентдан квартира топишда ёрдам сўраб, мурожаатлар бўлмоқда.

Бошқа бир агентликка кўра, яқинда уларга Тошкентга келган 2 мингдан ортиқ россияликка ижара уйи топиш бўйича буюртма келиб тушган. Компания ҳатто хусусий риелторларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

«Ўзимизнинг таклифларимизнинг барчаси сотиб бўлинди», дейилади агентлик хабарида.