Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Ҳожибоев маъқулланди
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Мўминович Ҳожибоев маъқулланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, соғлиқни сақлаш вазири лавозимига ҳозирда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Абдуҳаким Мўминович Ҳожибоев номзоди депутатлар томонидан кўриб чиқилган.
«Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 2020 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда депутатлар Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига Абдуҳаким Ҳожибоев номзодини кўриб чиққан. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Абдуҳаким Ҳожибоев номзоди cоғлиқни сақлаш вазири лавозимига маъқулланди», дейилади хабарда.
Абдуҳаким Ҳожибоев соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозимида ишлаган. Шундан сўнг соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлангунга қадар вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Аввалроқ Президентнинг 2020 йил 3 июлдаги тегишли қарорларига асосан, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари лавозимига Элмира Боситхонова, Улуғбек Собиров, Шоҳрух Шораҳметов ҳамда Абдулла Азизов тайинланганди.