Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2 декабрь куни қабул қилинган «Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Otemaejp»

Қарорга мувофиқ AКТ, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компютер тармоқларини бошқариш бўйича олий маълумотли рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда бошқалар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди. Ҳамда ушбу университет нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Таъкидланишича, университетда ўқитиш Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли ОТМ ҳамда давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Шунингдек, университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрланади. 2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида университетга қабул қилиш параметрлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Қарор билан муҳандис-дастурчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича университетга талабаларни қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан, «Компьютер графикаси ва дизайн» бакалавриат таълим йўналиши бўйича кейинги ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади. Ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари танлов асосида бепул (университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши, Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар