Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилади

Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум қилинишича, аввалроқ Ўзбекистонга Хитойдан вирусолог, эпидемиолог, хирург, пульмонолог, фтизиатр, невролог каби мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ келгани ҳақида хабар берилганди. Шу вақтгача хитойлик мутахассислар ва маҳаллий шифокорлар ўртасида онлайн конференциялар ташкил қилинди, вазирлик қошидаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари билан мулоқотлар ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Хитойнинг «Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.» фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь бошчилигидаги навбатдаги гуруҳни қабул қилди. Фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг 10 нафар шифокорларидан иборат делегация Ўзбекистон шифокорлари билан ҳамкорликда коронавирусни даволашга кўмаклашади.

«COVID-19’га қарши курашда Ўзбекистон Хитойнинг тўплаган катта тажрибасини қўллаши ва мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали пандемияни енгишига ишонч билдирилди. Ўз ўрнида, ХХР ҳукумати томонидан мутахассислар кўмаги билан биргаликда юртимизга бир неча бор инсонпарварлик ёрдами етказиб бергани айтилиб, чуқур миннатдорлик билдирилди.

Жумладан, мамлакатимизда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг филиалини ташкил қилишга келишиб олинди. Бу ерда тайёрланадиган мутахассислар халқ табобати илмини замонавий тиббиёт ютуқлари билан уйғунлаштирган ҳолда амалиётда қўллашлари мумкин бўлади», дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йили апрель ойида Хитойга ташрифи давомида Ўзбекистонда анъанавий хитой табобатини ривожлантириш бўйича келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг нуфузли тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган 40 нафарга яқин  мутахассисдан иборат тиббий гуруҳ ташрифи кутилётгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ мутахассислар коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун етиб келгани маълум қилинди.

Янгиликлар