Ўзбек боксчиларининг WBAдаги ўрни қандай? — рейтинг

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) боксчиларнинг 2020 йил декабрь ойи якунлари бўйича янгиланган рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Коллаж: «Tez News»

Рейтингдан 6 нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган. Хўш, якунига етган йилнинг сўнгги ойида боксчиларимизнинг рейтингдаги ўринлари қандай кўриниш олди?

Рейтингда Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) чемпион сифатида қайд этилган. Шунингдек, Аҳмадалиев профессионал бокснинг IBF йўналиши бўйича ҳам чемпион ҳисобланади.

Биринчи ярим ўрта вазн тоифасидан (-63,5 кг) икки нафар вакил ўрин олган. Янгиланган рейтингда Рио-2016 олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов 6-поғонада қайд этилган бўлса, Шоҳжаҳон Эргашев 8-ўринни эгаллаб турибди. Ким билади, вақти келиб бу икки боксчимиз чемпионлик камари учун жанг қиладими?!

Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг) тоифасидаги боксчи Исроил Мадримов эса 1-ўринда қайд этилган ва у чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогарга айланди.

Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг) эса ноябрь ойида ғалабага эришган бўлсада, ҳамон 14-ўринда бормоқда. У айни пайтда WBA Continental Americas камари соҳиби ҳисобланади.

Ярим оғир вазн тоифасида (-79,3 кг) рингга кўтарилаётган Рустам Тўлаганов ҳам аввалги ойдаги ўрнини сақлаб қолган – 14-ўрин.

Рейтинглар