Тошкентда қизлар ИИБ ходимини калтаклаб, кийимини йиртгани айтилган хабар юзасидан маълумот берилди — видео

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Яшнобод туманида 2020 йил 30 декабрь куни ИИБ ходимини калтаклаб, кийимини йиртган қизлар иши бўйича маълумот берди.

Кадр: Telegram

Хабарда айтилишича, 2020 йил 30 декабрь куни тахминан соат 01:00 атрофида Авиасозлар массивида 22 ёшли Виктория К. ва 24 ёшли Марина К.лар спиртли ичимлик таъсири остида бўла туриб атрофдагиларни безовта қилган ва бу ҳақидаги маълумот Яшнобод тумани 1-сон Ички ишлар бўлими ходимларига етиб борган. Воқеа жойига профилактика катта инспектори инспекторлари — майор А. Норқулов ва профилактика инспектори лейтенант Ш. Алланазаровлар етиб борган.

Таъкидланишича, тартибсизликни бас қилиш тўғрисидаги талабларни менсимаган қизлар ички ишлар бўлимига олиб борилган. Мазкур факт асосида Виктория К. ва Марина К.ларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённома расмийлаштирилган.

Бошқарма матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур хабарларга бириктирилган ички ишлар ходимининг йиртилган формасининг суратининг ушбу ҳодисага алоқаси йўқ.

Аввалроқ Чилонзорда 4 киши Ички ишлар ходимини ўткир тиғли жисмлар билан ургани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар