Фарғонада тўхташ тақиқланган жойда машинасини қолдирган ИИБ ходими жаримага тортилди

Фарғона вилоятида 7 декабрь куни тўхташ тақиқланган жойда қолдирилган Ички ишлар Бош бошқармаси ЖСТБга қарашли «Nexia» автомашинаcи ҳайдовчисига жарима белгиланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси

Таъкидланишича, 7 декабрь куни ижтимоий тармоқда «Фарғоналик окахонларимизга бўлаверадими?» сарлавҳаси остида хабар тарқалган. Хабардаги фотосуратда Фарғона вилояти Ички ишлар Бош бошқармаси ЖСТБга тегишли бўлган «Nexia» махсус хизмат автомобили йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандини бузган ҳолда йўл ётиқ чизиғи чизилган жойда тўхтаб турганлиги акс этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, «Nexia» махсус хизмат автомобили бириктирилган Фарғона вилояти Ички ишлар Бош бошқармаси ЖСТБ ходимига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, 669 минг сўм жарима белгиланган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси

Аввалроқ Бухорода 8 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда ҳайдовчи 36 марта қоидабузарлик содир этгани учун салкам 36 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар