Сурхoндарёда тўхташ тақиқланган жойда машинасини қолдирган 2 нафар ИИБ ходими жаримага тортилди — видeo

Сурхондарё вилоятида тўхташ тақиқланган жойда қолдирилган Ички ишлар бошқармасига қарашли «Lacetti» ҳамда «Captiva» автомашиналарига жарима белгиланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ЙҲХББ ахборот хизмати 24 ноябрь куни ижтимоий тармоқда «Кун фотоси: 75 003 VSF, 75 007 VSF! Қонун фақат оддий фуқарога ишлайди, ижро этувчиларга таъсир қилмайди» сарлавҳаси остидаги тарқалган видеога муносабат билдирган.

Бошқарма хабарига кўра, видеолавҳа ўрганилган ва «Lacetti» ҳамда «Captiva» ҳайдовчиларига нисбатан йўл ҳаракати қоидасининг 91-банди талабларини бузганлик бўйича белгиланган тартибда чора кўрилган. Telegram каналига юкланган хабар остига иккала ҳайдовчига нисбатан расмийлаштирилган баённома суратлари илова қилинган.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси

«Барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини сўраймиз. Жамоатчилик назорати ривожланишида ўз ҳиссасини қўшиб бораётган фуқароларга миннатдорлик билдирамиз», — дейилади ЙҲХББ ахборот хизматининг хабарида.

Аввалроқ Бухорода 8 марта йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчи жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда ҳайдовчи 36 марта қоидабузарлик содир этгани учун салкам 36 млн сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган.