Қонунчилик палатаси Спикерига ўринбосар сайланди

4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Зуҳра Ибрагимова Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари этиб сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари «Адолат» СДП фракцияси раҳбари лавозимига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Зуҳра Ибрагимованинг номзоди қўйилди.

Таъкидланишича, Зуҳра Ибрагимованинг номзоди кўпчиликнинг овози билан Спикер ўринбосари, «Адолат» СДП фракцияси раҳбари лавозимига сайланди.

Маълумот ўрнида, Зухра Ибрагимова Тошкент педиатрия тиббиёт институтини битирган, мутахассислиги бўйича педиатр шифокори. Қонунчилик палатасига Қорақалпоғистон Республикаси 3-Элликқалъа сайлов округидан сайланган.