Тошкентда коронавирусга чалинган икки эркак полиорган етишмовчилигидан вафот этди

Тошкент шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган 30 ва 64 ёшли икки нафар бемор вафот этди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Беморлардан бири Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.А. (эркак)да COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, аҳволи оғир бўлганлиги сабабли жорий йил 27 июль куни Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Хабарда айтилишича, унга коронавирус инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Яна бир бемор эса Сергели туманида яшаган 30 ёшли бемор Б.А. (эркак)да 2020 йил 26 июль куни COVID-19 инфекцияси аломатлари кучайган ва нафас етишмовчилиги оғирлаша бошлагач, у ҳам Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Таъкидланишича, унга коронавирус инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлар билан кечган. Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Аввалроқ Тошкентда коронавирусга чалинган 41 ва 80 ёшли беморлар вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, 2020 йил 4 август соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 26 804 нафарни ташкил этган. Шундан 17 838 нафари соғайган бўлса, 8803 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.