Танзила Норбоева Балиқчида қиймати салкам 2,5 млрд сўм бўлган корхонага борди
Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Андижон вилояти Балиқчи туманидаги қиймати салкам 2,5 миллиард сўм бўлган корхонага борди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Танзила Норбоева 3 октябрь куни Андижонга бўлган ташрифи давомида, Балиқчи туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишган.
Шунингдек, Балиқчи туманидаги тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг муаммоларини кўриб чиқиб, аҳоли билан суҳбатлашган. Балиқчи тумани «Мумтоз» маҳалласидаги «Тожимаҳал Хакан Савдо» МЧЖ фаолиятини ўрганиб янги лойиҳаларни кўздан кечирган.
Хабарга кўра, ушбу корхона 2019—2020 йилларда 2 миллиард 400 миллион сўм маҳаллий инвестиция билан трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 3 миллиард сўмни ташкил этади.
Маълумот учун, корхонада 150 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, шундан 30 нафари кам таъминланган оилалар ҳисобига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева Бўстон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир лойиҳалар билан танишганди.
Шунингдек, Балиқчи туманини «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича халқ депутатлари сессияси Танзила Норбоева иштирокида ўтказилганди.