Бухоро шаҳрида содир бўлган портлаш натижасида жабрланган беморларнинг аҳволи маълум қилинди
4 февраль куни Бухоро шаҳрида содир бўлган портлаш натижасида жароҳатланган беморларнинг аҳволи қай даражада эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, портлаш юзага келганда кўп қаватли уйда бўлган 3 нафар, портлаш жараёнида йўлдан транспорт воситаларида йўловчи сифатида кетаётган 9 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Шундан сўнг, улар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.
Маълумотларга кўра, портлашдан жабрланган 12 нафар бемордан 5 нафари филиалнинг нейрореанимация бўлимига «миянинг ёпиқ шикастланиши ва мия чайқалиши» ташхиси билан ётқизилган бўлиб, ҳозирда уларнинг аҳволи ўрта ҳолатда.
Шунинигдек, 2 нафар бемор умумий реанимация бўлимига жойлаштирилган. Улардан бир нафарининг юз ва қўлларида 35 фоиз куйиш аниқланган, аҳволи нисбатан оғирроқ. Иккинчи беморда эса кўкрак қафасининг ёпиқ шикастланиши кузатилган, унинг аҳволи қониқарли эканлиги таъкидланган.
Хабарга кўра, қолган беш нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилган бўлиб, уларга ситуацион невроз (қаттиқ қўрқиш) ташхиси қўйилган. Зарур муолажалар амалга оширилгач, уйларига жавоб берилган.
Таъкидланишича, 5 февраль куни нейрореанимация бўлимидаги беморлардан бирининг аҳволи яхшиланганлиги учун жавоб берилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчаси йўл ёқасида бунёд этилаётган кўп қаватли уйда портлаш юзага келган эди.
Мавзуга доир: