Ўзбекистонда айрим вилоятлардаги туроператорларга сафари турларини ташкил қилиш учун имтиёз берилди

Бухоро, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган туроператорларга сайёҳлик объектлари томонидан бир-биридан узоқ масофада жойлашган ҳудудларда сафари турлари ташкил қилишда фойдаланиладиган транспорт воситалари харид қилинганда божхона божини амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаш, қолган қисмини олиб кирилган санадан бошлаб 3 йил давомида бўлиб тўлаш имконияти яратилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, мазкур имитиёз Президентнинг 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармонига мувофиқ тақдим этилади.

Шунингдек, 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида лицензияга эга бўлган туризм операторларига экстремал турларни ташкил қилиш учун юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автотранспорт воситаларини 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш орқали амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида бож тўловларини тўлашга рухсат берилган. Натижада айни пайтгача Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги 15 нафар туроператор 38 дона йўлтанламас транспорт воситасини хориждан олиб кириб, сайёҳларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйган ва бу билан сайёҳлар сонининг кескин ошишига эришилган.

Aввалроқ Ўзбекистонга ярим йил давомида қанча сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинганди. Таъкидланишича, 2020-йилнинг январ—март ойлари давомида туристик мақсадларда келган чет эл фуқаролари сони 1,2 миллион кишини ташкил этган бўлса, апрель—июнь ойларида бу кўрсаткич 2,1 минг нафарга етган.

Янгиликлар